Ҳозирги кунда жаҳон бозорининг ўзгарувчан конъюнктураси ва кучли рақобат шароитида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ҳар томонлама давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 12-февралида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва унинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4186-сонли Қарори эълон қилинган эди. Мазкур қарорга асосан, 2019 — 2021 йилларда ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотнинг камида 80 фоизини экспорт қиладиган тикув-трикотаж корхоналарига тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоизларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган миқдорда қопланиши кўзда тутилган.

Шу муносабат билан, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига 2019 йилда ишлаб чиқарадиган тайёр маҳсулотини 80%дан ортиғини экспорт қилишни режалаштираётган тизим корхоналари томонидан мазкур имкониятлардан фойдаланиш учун доимий тарзда мурожаатлар қилинмоқда.

Жорий йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида жойлашган тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Betlis Tekstil”МЧЖ корхонаси биринчилардан бўлиб, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва айланма маблағларни тўлдириш учун кредит фоизининг бир қисми жамғарма томонидан қопланадиган кредит шартномасини имзолаб, шу ойнинг ўзидаёқ компенсация олишга эришиши кутилмоқда.

Молиявий-иқтисодий таҳлил бўлими              Ф.Адамбаева