Бугунги кунда республиканинг деярли барча ҳудудларида, шу жумладан иш ўринларига талаб юқори бўлган ҳудудларида тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг янги қувватлари яратилмоқда.

Хусусан, мана шундай лойиҳалардан бири бўлган “PAXTAKOR GOLD TEXTILE” МЧЖ корхонаси вилоятнинг Пахтакор туманида ўз фаолиятини бошлади. Мазкур корхона ишга туширилиши натижасида туманда 160 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Ушбу лойиҳа аввало ҳудудда етиштирилаётган пахта толасини ўша ернинг ўзида тўлиқ қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳамда ҳудуд аҳолисининг реал даромадларини оширилишига имкон беради.

“PAXTAKOR GOLD TEXTILE” МЧЖ томонидан Европа мамлакатларининг замонавий ип-йигирув дастгоҳлари келтирилиб, ўрнатилиши ҳисобига йиллик қуввати 5,0 минг тонна ип калава ишлаб чиқариш қувватлари яратилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича яратиб берган шарт-шароитлари сабабли бугунги кунда янги корхоналар ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди.

Жумладан, жорий йилда вилоятнинг олис туманларидан бўлган Янгиобод туманида “Янгиобод текстил” ва Мирзачўл туманида “Мирзачўл текстил”, шунингдек Ш.Рашидов туманида “Азтекстил“, Пахтакор туманида “Пахтакор текс” ҳамда Жиззах шаҳрида “Жиззах текстил” (2-босқич) каби корхоналар ишга туширилди.

Ушбу ташкил этилаётган тўқимачилик ва тикув-трикотаж комплекслари аввало ҳудудларда хотин-қизлар ва ёшларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлаш ҳамда аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда уларни доимий иш ўрни билан таъминлаш имконини беради.