Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида"ги фармони имзоланди.

Ҳужжатда Жаҳон банки томонидан тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш тизимини кенгайтириш ва унинг самарадорлигини ошириш, аҳолининг кенг қатламларини бизнес юритишга жалб қилиш ва бошланғич капиталдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўйича давлат органи сифатида тавсия этилган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ташкил этилган ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланган:

ишбилармонлик муҳитининг жорий ҳолатини ўрганиш, шу жумладан, сўровномалар ўтказиш асосида, ҳамда ер участкалари тақдим этиш ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш тартиб-таомилларини соддалаштириш, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш инфратузилмаси, бошқа моддий-хом ашё ва молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, шунингдек, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бюрократик тўсиқлар ва ғовларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

бизнесни кенгайтиришни рағбатлантиришга, қўшимча қиймат яратишнинг яхлит занжирларини шакллантиришга, замонавий технологияларни ўзлаштиришга, экспортни кўпайтиришга, доимий иш ўринларини яратишга йўналтирилган натижага қаратилган воситаларни жорий этиш;

йирик ишлаб чиқарувчилар томонидан кичик ва ўрта корхоналар – оралиқ товарлар ва хизматлар (хом ашё, бутловчи қисмлар ва бошқалар)ни етказиб берувчилар фаолиятини, шу жумладан, тижорат банкларида мақсадли депозитлар очиш ҳисобига молиялаштириш механизмларини жорий этиш;

кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, аҳолининг заиф қатламларининг тадбиркорлик ташаббусларига кафилликлар ва кафолатлар, шунингдек, тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация бериш шаклида молиявий ёрдам кўрсатиш;

кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини қонунчилик, янги технологиялар ва маҳсулотлар, бозорлар ва бошқа долзарб масалалар бўйича номолиявий қўллаб-қувватлаш (бепул телефон ва онлайн-маслаҳат хизматлари, ўқув марказлари, бизнес-инкубаторлар, ахборот хизматлари ва бошқалар) тизимини шакллантириш;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаларини амалга ошириш, уларга техник ва маслаҳат кўмагини ташкил этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) этиб қайта ташкил қилинган ва Агентлик таркибига ўтказилган ҳамда қуйидагилар:

а) Жамғарма ҳисобидан тижорат банкларининг кредитлари бўйича кафилликнинг энг кўп миқдорини кредит суммасининг 50 фоизигача миқдорда сақлаб қолган ҳолда, унинг миқдорини 2 миллиард сўмдан 8 миллиард сўмгача кўпайтириш;

б) Жамғарма томонидан кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига:

суммаси 10 миллиард сўмдан, фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган миллий валютадаги кредитлар учун – қайта молиялаш ставкасидан ошадиган, лекин 5 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми;

эквиваленти 10 миллиард сўмдан ошмайдиган хорижий валютадаги кредитлар учун – тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг
30 фоизигача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим этиш қайд этилган.

 

“Ўзтўқимачиликсаноат” матбуот хизмати