Халқаро пресс-клубда “Ўзтўқимачиликсаноат“ уюшмаси раҳбарлари иштирокида “Ўзбекистон тўқимачилик саноати: йил сарҳисоби ва янги вазифалар таҳлили” мавзусида очиқ мулоқот ташкил қилинди.

Сессияда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж саноати миллий иқтисодиётнинг стратегик муҳим ва жадал ривожланаётган тармоғидир.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 декабрдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармонида уюшма олдига бир қанча вазифалар қўйилган, – деди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Бахтиёр Муҳаммадсаидов. – 2019-2025 йилларга мўлжалланган тармоқни ривожлантириш стратегиясини қабул қилдик. Бу даврда 270 га яқин лойиҳани амалга оширамиз. Биринчи галдаги вазифамиз мамлакатимизда етиштириладиган пахтани тўлиқ қайта ишлаш. 2019 йилда маҳсулот экспортини 1,9 миллиард долларга, 2025 йилга бориб эса 7 миллиард доллардан оширишни мақсад қилиб қўйдик.

Шунингдек, таъкидланишича, тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш учун ип-калава ишлаб чиқарувчи хорижий ва қўшма корхоналар ташкил этилди ва улар замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Саноат корхоналари томонидан 80 га яқин янги турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Тўқимачилик корхоналарининг 70 фоиздан ортиғида ISO, EKO тизими жорий этилди.

Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг йирик истеъмолчилари Россия, Хитой, Қозоғистон, Туркия ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳисобланади. Уюшма маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда тармоқлар ва ҳудудий корхоналар, экспорт фаолияти билан шуғулланувчи муассасалар ҳудудида мониторинг ва таҳлиллар олиб боради.

Сессияда соҳа олдида турган муаммолар атрофлича таҳлил этилар экан, тадбиркорларни қийнаётган муаммолар, шунингдек, кадрлар салоҳияти борасидаги камчиликлар танқид қилинди, журналистлар саволларига жавоб берилди.

ЎзА​​