ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида таркибий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва бозор муносабатларини жорий қилиш, пахта хомашёсини қайта ишлаш ҳамда тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш тармоқларининг интеграциялашувини янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, тўқимачилик саноати ташкилотлари — замонавий пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлар ташкил этиш ташаббускорларининг (кейинги ўринларда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ташкилотчилари деб аталади) 2019 йил пахта хомашёси ҳосилидан бошлаб, республика ҳудудларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларини ташкил этишнинг кластер шаклида 1-иловага* мувофиқ ташкил этиш ҳамда кенгайтириш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.

1-илова рус тилидаги матнда берилган.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ташкилотчилари уларга ажратиладиган имтиёзли кредит маблағларини агротехнологик хариталар доирасида эркин тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлади.

3. Белгилаб қўйилсинки, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ташкилотчилари томонидан фермер хўжаликларига бериладиган ёқилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, ўсимликлар ривожланишининг регуляторлари, дефолиантлар ва бошқа кимёвий воситалар солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди.

4. «Peshkuteks» МЧЖ ҚК, «Namimpekstekstil», МЧЖ, «Daka Тех» МЧЖ ХК, «Шеробод текстиль инвест» МЧЖ, «Surxonteks» МЧЖ, «Nortex Style» МЧЖ ХК ва «Baht Invest Нamkor Тех» МЧЖ томонидан пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларини ташкил этишнинг кластер шакллари тугатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларини молиялаштириш механизмини жорий этишга доир асосланган таклифлар киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилсин.

7. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Ваҳобов, «Ўзпахтасаноат» АЖ бошқаруви раиси А.И. Мақсудов ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси И.У. Ҳайдаров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 18 март,

230-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 мартдаги 230-сон қарорига

2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган

ЎЗГАРТИРИШЛАР ВА ҚЎШИМЧАЛАР

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 25 январдаги 53-сон қарорида:

а) 2-бандда:

бешинчи хатбошидаги «тўғридан-тўғри контрактлар ёки» сўзлари чиқариб ташлансин;

олтинчи хатбошидаги «маҳсулотни қайтариш асосида ёғ-мой корхоналарига» сўзлари «ёғ-мой корхоналарига биржа савдолари ёки маҳсулотни қайтариш асосида» сўзлари билан алмаштирилсин;

б) 1-иловада:

9-позициянинг «Ер майдони, (га)» устунидаги «7 000» рақами «10 717» рақами билан алмаштирилсин;

10-позиция чиқариб ташлансин;

Жами позициясининг «Ер майдони, (га)» устунидаги «140 901» рақами «132 808» рақами билан алмаштирилсин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 31 мартдаги 253-сон қарорига 1-иловада:

а) 11-позиция чиқариб ташлансин;

б) «Пахта тозалаш корхоналари» устунидаги «13» рақами «12» рақами билан алмаштирилсин;

в) «Пахта тайёрлаш пунктлари*» устунидаги «68» рақами «63» рақами билан алмаштирилсин;

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 19 сентябрдаги 744-сон қарорига ўзгартиришлар рус тилидаги матнда берилган.