Президент Шавкат Мирзиёев Тўрақўрғон туманидаги “FT Textile group” қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.

“Шаҳанд” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги корхона биноси бир пайтлар қаровсиз ҳолда эди. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир ҳудуддаги мавжуд имкониятларни ишга солиб, аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган сиёсати натижасида ушбу иншоот маҳаллий тадбиркорга берилганди. Тез орада бино таъмирланиб, Германиядан замонавий ип йигирув машиналари келтириб ўрнатилди. Бошқа ускуналар Бельгия, Швейцария, Ҳиндистон ва Туркиядан олиб келинди. Шу тариқа ўтган йили корхонанинг биринчи босқичи ишга туширилди. Ён-атрофдаги Боғишамол, Дукат, Темирқишлоқ, Олчин, Ахси каби маҳаллаларда яшовчи 300 киши доимий иш билан таъминланди. 

Бугунги кунда корхонада йилига 15,6 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилмоқда. Улар Хитой, Россия, Туркия ва Украинага экспорт қилинмоқда. Ўтган йили 10 миллион долларликдан зиёд маҳсулот чет элларга етказиб берилган. Корхонанинг иккинчи босқичида йилига яна 20,8 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш, 200 та қўшимча иш ўрни яратиш режалаштирилган. 

Яна бир муҳим томони, ушбу корхона электр энергияси билан ўзини ўзи таъминлайди. Бу ерга Германиядан энг замонавий газогенератор келтириб ўрнатилган. Иш жараёнида пайдо бўладиган иссиқ сув ҳам беҳуда кетмайди. 9 гектар иссиқхонани иситади.