Савол: Корхонамиз тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. 2019 йил 1 январга қадар 5 % ЯСТ да эдик. Корхонмизни йиллик айланмаси 5 млрд.сўмни ташкил қилди ва натижада ҚҚС тўлов турига ўтдик. Ҳозирги кунда буюртмачилар билан шартнома тузишда қийинчиликлар туғилмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотга 20 % устама қуйиб сотилганда, нархи кескин ошиб кетмоқда. Таннархга 5 % дан кам фойда қуйсак ҳам шу аҳвол! Олдин 145 000 (145 000-5%=137 750) сўм сотилган товар, ҳозир 165 300 (137750+20%=165300) сўмни ташкил қилмоқда. Буни қандай изоҳлайсиз?!

Жавоб: Солиқ кодексининг 218-моддасига асосан бюджетга тўланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи сўммасини аниқлашда товарларни (ишларни, хизматларни) олувчи ҳақиқатда олинган ва (ёки) солиқ тўловчи томонидан ишлаб чиқарилган ҳамда ўз эҳтиёжлари учун фойдаланилган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) қўшилган қиймат солиғининг сўммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, ушбу модданинг олтинчи қисмига асосан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтилганда, шу жумладан белгиланган йиллик айланманинг (олинган тушумнинг) энг кўп миқдоридан ошган ва (ёки) қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий тўлашга ўтилган тақдирда, юридик шахс товар-моддий захираларнинг қолдиқлари бўйича ўтилган пайтдан эътиборан қўшилган қиймат солиғи сўммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Сиз товар-моддий бойликлари, шунингдек тайёр маҳсулотларнинг қолдиғини инвентаризациядан ўтказишингиз лозим.

Шунингдек, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг таннархини (калкуляциясини) қайта кўриб чиқишингиз лозим, яъни ҚҚС билан сотиб олинган хом-ашёларнинг калкуляция нархини ҚҚСни чиқариб юборган ҳолда қайта ҳисоб китоб қилиш лозим бўлади. Чунки сотиб олинган хом-ашё ва материаллар бўйича тўланган ҚҚС сўммаси ҳисобга олинади.

Мисол учун, 1000 дона трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқариш учун сарфланадиган ҳамда маҳсулотнинг таннархига киритиладиган электр энергияси, табиий газ ва бошқа хом-ашёларнинг қиймати 250,0 минг сўмни ҳамда уларни сотиб олишда мол етказиб берувчиларга тўланган ҚҚС сўммаси 50,0 минг сўмни ташкил қилган.

Ушбу ҳолатда хом-ашё ва материалларнинг қиймати 250,0 минг сўм бевосита ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотнинг таннархига киритилади. Улар бўйича тўланган 50,0 минг сўм ҚҚС сўммаси бюджетга тўланадиган ҚҚС сўммасини аниқлашда ҳисобга олинади.

Изоҳ: (Агар, ҚҚС тўловчиси бўлмаган корхоналарда эса сотиб олинган хом-ашё ва материалларнинг умумий қиймати 300,0 минг сўм ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг таннархига олиб борилади).

Ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулот, яъни 1000 дона трикотаж маҳсулот 400,0 минг сўмга реализация қилинганда 20 фоиз миқдорида 80,0 минг сўм ҚҚС ҳисобланади ва 1000 дона трикотаж маҳсулоти етказиб бериш қиймати 480,0 минг сўмни ташкил қилади.

Бюджетга тўланадиган реализация қилинган тайёр маҳсулот бўйича ҳисобланган ҚҚС сўммасидан хом-ашё ва материалларни сотиб олишда тўланган ҚҚС сўммаси чегирилган ҳолда аниқланади ва бюджетга тўланадиган ҚҚС сўммаси 30,0 минг сўмни (80,0-50,0) ташкил қилади. Яъни, бу маҳсулот реализацияси қийматининг кўпчилик ўйлаганидек 20 фоизини эмас, балки 7,5 фоизини ташкил қилади.