Савол: Солиқ ислоҳатлари доирасида 2019 йил 1 январдан бошлаб амал қилиши кўзда тутилаётган солиқ сиёсатига киритилган ўзгартиришларга асосан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига аъзо корхоналарга берилган солиқ имтиёзлари сақланиб қоладими?

Жавоб: “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига аъзо корхоналарга берилган қуйидаги солиқ имтиёзлари сақлаб қолинган.

Жумладан:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 декабрдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5285-сонли фармонининг 9-бандига асосан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига аъзо корхоналар 2021 йил 1 январга қадар муддатда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича импорт қилинадиган пахта, сунъий ва синтетик тола, жун, хом ашё ва бошқа материаллар учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилиниши белгиланган.

Божхона имтиёзлари қулланиладиган пахта, сунъий ва синтетик тола, жун, хом ашё ва бошқа материаллар руйхати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги Ф-5194-сонли фармойиши билан тасдиқланган.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябрдаги ПФ-5197-сонли фармони билан Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 25 мартдаги 141-сонли қарори 6-бандида назарда тутилган “Ўзбекенгилсаноат” АЖ корхоналарига олиб келинадиган, республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган химикатлар, бўяш маҳсулотлари, фурнитура ва аксессуарлар, шунингдек, бошқа ёрдамчи материалларни импорт божи тўлашдан озод қилиш бўйича имтиёзлар 2020 йилнинг 1 январига қадар узайтирилган.

Ушбу Фармон билан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига аъзо корхоналарга 2020 йилнинг 1 январига қадар тўқимачилик ярим фабрикатлари (калава ип, газлама, трикотаж полотноси, пахта йигириш чиқитлари, аксессуарлар ва фурнитураларни) ноль ставкаси бўйича қўшилган қиймат солиғи билан харид қилишга рухсат берилган.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги“2017 — 2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги ПҚ-2687-сонли қарорининг 14-бандига асосан, тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоғининг ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналари учун 2020  йилнинг 1 январига қадар қуйидагилардан иборат солиқ ҳамда божхона имтиёзлари ва преференциялари берилган:

микрофирмалар ва кичик корхоналар учун фойда солиғи ва мулк солиғи тўлашдан, ягона солиқ тўловидан, Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлаш;

ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё ва материаллар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатларга мувофиқ, комиссия шартномалари асосида импорт қилинадиган ускуналар, бутловчи буюмлар учун божхона тўловлари тўлаш (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно);

ноозиқ-овқат истеъмол товарларини ўзида ишлаб чиқариш учун зарур бўлган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган юқоридаги рўйхатга киритилмаган хом ашё, материаллар ва  фурнитурани импорт қилишда божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб божхона тўловларини 60 кунгача муддатга кечиктириш (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно).

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 ноябдаги “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5587-сонли Фармонининг 1-бандига асосан 2019 йил 1 январдан бошлаб товарлар (ишлар, хизматлар)ни, шу жумладан, комиссионер (ишончли вакил) орқали реализация қилишдан тушган умумий тушумида экспорт улуши 15 фоиздан юқори бўлган юридик шахслар солиқ солинадиган базани:

товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспортга реализация қилиш ҳажмига тўғри келадиган фойда қисми юзасидан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича;

товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспортга реализация қилиш ҳажмига тўғри келадиган қисми юзасидан ягона солиқ тўлови бўйича камайтириши белгиланган.