Президент Шавкат Мирзиёев Ғиждувон туманидаги «Парвоз Хумо Равнақ Транс» масъулияти чекланган жамиятининг ип йигирув ва тўқув корхонасини бориб кўрди.

Қишлоқ хўжалигини диверсифакация қилиш, хомашёни юртимизда қайта ишлашни кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида ушбу корхона қурилишига зарур шароит яратилди. Германия, Туркия, Швейцария ва Япониядан замонавий технологиялар олиб келиб ўрнатилди. Жорий йил январда ишга туширилиб, 350 та иш ўрни яратилди. Корхона йилига 9400 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш, 5 миллион долларлик экспорт қилиш қувватига эга.

Бу лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, иккинчи босқичда ишлаб чиқариш қуввати янада кенгайтирилиши, экспорт йилига 51 миллион долларга, иш ўринлари 1 минг 250 тага етказилиши режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев корхонада ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди.