Наврўз байрами арафасида 8 та тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари фойдаланишга топширилиши натижасида 1400 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Бугунги кунда республиканинг деярли барча ҳудудларида, шу жумладан олис ва иш ўринларига талаб юқори бўлган ҳудудларида тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг янги қувватлари яратилмоқда.

Айниқса хотин-қизларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлаш учун тикув-трикотаж комплекслари барпо этилиши аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда уларни доимий иш ўрни билан таъминлайди.

Ушбу ташкил этилаётган корхоналар Наврўз байрами арафасида ишга туширилиши юртдошларимиз учун байрам туҳфаларидан бири бўлди.

Жумладан, Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида “Қоракўл Кумуш калава” МЧЖ томонидан замонавий ип-йигирув дастгоҳлари келтирилиб, ўрнатилиши ҳисобига йиллик қуввати 5,0 минг тонна ип калава ишлаб чиқариш чиқариш лойиҳаси ишга туширилиши натижасида 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, Бухоро шаҳридаги “Камалак шабнам текс” МЧЖда жаҳондаги етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган Белгия давлатининг “Picanol” компаниясидан келтирилган 26 та замонавий тўқув дастгоҳлари билан жиҳозланди ҳамда 120 дан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича яратиб берган шарт-шароитлари сабабли бугунги кунда янги корхоналар ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди.

Булар, Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл туманида “Пластекс Конликул” МЧЖ, Навоий вилоятининг Навоий шаҳрида "Бахт Навоий" МЧЖ, Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида “Бухоро файз текстил” МЧЖ ва Вобкент туманида "Шофиркон экваториал текстиль" МЧЖ, Наманган вилоятининг Наманган шаҳрида “Арт софт текс” ҳамда Фарғона вилоятининг Сўх туманида “Сўх намунаси” МЧЖ корхоналаридир.

Ушбу лойиҳалар аввало ҳудудларда етиштирилаётган пахта толасини ўша ернинг ўзида тўлиқ қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳамда ҳудуд аҳолисининг реал даромадларини оширилишига имкон беради.