Якунланган 2018 йилда 60 та тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари фойдаланишга топширилиши натижасида 10600 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Бугунги кунда республиканинг деярли барча ҳудудларида, шу жумладан олис ва иш ўринларига талаб юқори бўлган ҳудудларида тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг янги қувватлари яратилмоқда.

Ушбу ташкил этилаётган корхоналарни замонавий технологик дастгоҳлар билан жиҳозланиши таъминланмоқда.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқала туманида “BO’STON MEGA TEKSTIL” МЧЖ томонидан республикада илк бор йиллик қуввати 10,0 млн.кв.м. бўлган жинси матосини ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Ушбу корхона жаҳондаги етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган Белгия давлатининг “Picanol” компаниясидан келтирилган 30 та замонавий тўқув дастгоҳлари билан жиҳозланди ҳамда 200 дан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича яратиб берган шарт-шароитлари сабабли республикамизнинг саноат кам ривожланган туманларида бугунги кунда янги корхоналар ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди.

Булар, Андижон вилоятининг Улуғнор ва Бўз туманларидаги “Соф текс” ва “Сайёра фаввораси”, Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги “Парвоз Хумо Равнак Транс”, Жиззах вилоятиинг Мирзачўл туманидаги “Мирзачўл текс”, Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги “Бунёдкор”, Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги “8-март”, Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги “Шашмохкашшоб” корхоналаридир.

Мазкур корхоналарга замонавий ип-йигирув, тўқув ва тикув дастгоҳлари келтирилиб, ўрнатилиши ҳисобига 1800 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига эришилди.

Ушбу лойиҳалар аввало ҳудудларда етиштирилаётган пахта толасини ўша ернинг ўзида тўлиқ қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматга эга экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ва ҳудуд аҳолисининг реал даромадларини оширилишини назарда тутади ҳамда биринчи навбатда маҳаллий ёшларни иш жойлари билан таъминлашга хизмат қилади.