25 июн куни “Ўзтўқимачиликсаноат” Уюшмаси ва “Давергеодезкадастр” давлат қўмитаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик битими имзоланди.

Ҳамкорлик битимини “Ўзтўқимачиликсаноат” Уюшмаси раиси Илхом Хайдаров ва “Давергеодезкадастр” давлат қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаев имзолади.

Ҳужжатга кўра, икки томонлама ҳамкорлик доирасида томонлар тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари фаолияти билан боғлиқ ер тузиш, геодезия, картография ва давлат кадастри соҳасидаги ишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари фаолиятининг тўғри ва самарали ташкил қилинишида давлат-хусусий шериклик асосида уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамда имкониятларини бирлаштиришда ифодаланган барқарор ҳамкорлигини амалга ошириш кўзда тутилган.

Тўқимачилик саноатини ривожлантиришга қаратилган мазкур ҳамкорлик қуйидаги асосий йўналишларда амалга оширилади:

- Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантириш мақсадида ер тузиш, геодезия, картография ва давлат кадастри йўналишида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;

- Учувчисиз аппаратлардан фойдаланган ҳолда замонавий пахта-тўқимачилик кластери ва бошқа ердан фойдаланувчиларнинг қишлоқ хўжалиги ерларини, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва парваришлашни мониторинг қилишда кўмаклашиш;

- Тупроқ унумдорлигини сақлаш, ошириш ва қайта тиклаш бўйича таклиф ва тавфсиялар бериш, тупроқ таркибидаги озиқа элементлар (азот, фосфор, калий ва бошқалар) билан таъминлаш агрохимкартограммалари тузиш ва бу асосида қишлоқ хўжаликер майдонларининг йиллик минерал ўғитларга бўлган талабини аниқлашда амалий ёрдам кўрсатиш;

- Республика тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари шу жумладан замонавий пахта-тўқимачилик кластер корхоналари ишлаб чиқариш объектларини жойлашуви бўйича электрон харита ишлаб чиқиш ва доимий равишда янгилаб боришда кўмаклашиш;

- бино ва иншоотларга кадастр хужжатларининг расмийлаштирилиши, ер участкаларини танлаш ва ажратилиши бўйича хужжатларни тайёрлаш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва кўчмас мулкка доир битимларни давлат рўйхатидан ўтказилиши бўйича услубий ёрдам кўрсатилиши;

- Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари ривожлантириш ва уларни қўллаб қувватлаш бўйича бошқа чора тадбирлар кўриш.