Президент Шавкат Мирзиёев 1 май куни Термиз шаҳридаги «ZIF Textile» масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди.

Ушбу замонавий корхонани барпо этиш учун қурилиши тугалланмаган бино 16  миллиард сўм инвестиция киритиш шарти билан «ноль» қийматда берилган эди. Зарур қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, замонавий цехлар, омборхона ва маъмурий хоналар  бунёд этилди. Германия, Италия, Туркиядан тикувчилик дастгоҳлари келтириб ўрнатилди. Мингга яқин янги иш ўрни яратилди. 

Давлатимиз раҳбари корхона фаолияти билан танишди, бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни кўздан кечирди, мутахассис ва тикувчилар билан суҳбатлашди. 

Президентимиз бу каби замонавий корхоналарни кўпайтириш, маҳсулотни экспорт қилиш зарурлигини қайд этди. 

Корхона жорий йилда 29 миллион доллардан зиёд қийматдаги болалар ва катталар кийимлари, жинси шим ишлаб чиқариб, 8,8  миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилишни режалаштирган. 2021 йилда корхонанинг йиллик қуввати қарийб 50 миллион долларга етказилиб, 34,7  миллион долларлик экспорт мўлжалланмоқда.  

Шу ерда «Janub textile» МЧЖнинг ип-калавадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш кластери ҳамда Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма корхонасини ташкил этиш,  Термиз туманидаги Султон Саодат зиёратгоҳини таъмирлаш ва ободонлаштириш, мамлакатимизнинг Австрия, Тожикистон ва Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга оид тақдимотлар ўтказилди.