Жорий ўқув мавсумидан Ўзбекистонда ягона ўқувчи формаси жорий этилиши назарда тутилганди. Аммо ҳукуматнинг тегишли қарорига ўзгартириш киритилди, ягона ва мажбурий формани жорий этиш масаласи эса 5 йилга кечиктирилди.

Бундан ташқари, мактаб директорлари ягона мактаб формаси савдосини ташкил этиши тақиқланди.

Ўзгаришлар кетидан ягона мактаб формасини тайёрлаб, бозорга чиқишга тайёр турган тикувчи-тадбиркорлар норози бўлишмоқда. Улар захира матолар аллақачон сотиб олингани, тикув ишлари бошлангани, аммо истиқболдаги харидорлар йўқлигидан хавотирда. Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров билан суҳбатлашдик.

«Тўқимачилик саноатида ишлаб чиқариш ишида катта муаммо пайдо бўлмайди, энг катта масала эса маҳсулотни сотишда кўринади. Тадбиркорлар тўғри таъкидлаяптики, харажатлар қилинди, захира матолар харид қилинди», — дейди «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров.

Унинг айтишича, ҳукумат қарори қабул қилиниши билан у мажбурий характерга эга бўлмади. Ягона мактаб формасини танлаб, уни амалиётга жорий этиш учун кўп синов ва таклифлар кўриб чиқилди.

«Адашмасам, 100га яқин дизайнлар кўрилди. Шахсий фикрим сифатида очиғини айтаман, масалан ота сифатида менинг назаримда энг мос ва зўри форма танланди, дея олмайман. Мен хоҳлардимки, ўқувчилар трикотаж матодан ишланган формада юрса, болалар ҳаракатланишда қийналмайди. Уни ювиб, тозалаб кияверса бўлади, кўйлак ва костюм ўзига яраша парвариш талаб этади», — дейди у.

Раиснинг таъкидлашича, трикотаж матодан тикилган формалар нарх ва сифат жиҳатдан устун ва вояга етмаган ўсмирлар соғлиғи учун салбий таъсири йўқ. Ҳайдаров ижтимоий тармоқларда тарқалган турли миш-мишларни инкор этиб, мактаб формасини жорий этишда кимгадир монопол ҳуқуқи берилмаганини таъкидлади.

«Тўқимачилик соҳасида ишлаб юрган корхона вакиллари уюшма ҳузурида ташкил этилган дизайн марказида ўқиб, малака оширди. Маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва солиқ тушумини сақлаб қолиш учун ҳокимлар ҳам ўз ҳудудида бўлган тикувчининг ишлашидан манфаатдор эди. Умуман 218та корхона танлаб олинди. 1,5 миллион нафар ўқувчи учун мато захираси шакллантирилди, 600 минг учун форма аллақачон тикилганди. Мато бўлса, ундан форма тикиш фақат вақт масаласи. Зарурият бўлса, иш 3 сменада ташкил этилади», — дея таъкидлади у.

Илҳом Ҳайдаровнинг маълум қилишича, ягона мактаб формаси босқичма-босқич амалиётга жорий этилса, аҳоли харид қувватига ҳам салбий таъсир қилмайди. Шунинг учун уни жорий ўқув мавсумидан мажбурий татбиқ этиш масаласи қайта кўриб чиқилди. 

«Маҳсулотлар эса сотилади, лекин қачон сотилиши жиддий масала ҳисобланади. Бу соҳа вакиллари катта айланма маблағга эга эмас, барча узилишлар товар таннархига ўтиради. Бу бевосита рақобатбардошликни пасайтиради. Ҳар бир тадбиркор 6 ой ё 1 йиллик бизнес режани тузиб, иш бошлайди. Албатта, биринчи қарор эълон қилинганда, энг камида 200 нафар тадбиркор 5 миллионга яқин мактаб формасини тикиш бўйича буюртмани тайёрлашни режа қилганди. Шунинг учун, уларнинг норозилигини биз тушунамиз, уларни ҳимоя қилиш бизнинг вазифамиз. Ҳукуматга турли таклиф ва ечимлар тақдим этилган, масалан тикилган тайёр мактаб формаларини давлат захираси учун сотиб олиб, тадбиркорларни молиявий инқироздан қутқариб қолиш ҳам мумкин», — дейди у. 

Алишер Рўзиохунов

kun.uz