GSP+ имтиёзларининг Ўзбекистонга тақдим этилиши Европа компанияларининг ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликка бўлган қизиқишини янада оширди. Бу тенденцияни немис компаниялари мисолида кўриш мумкин.
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси И. Хайдаров ва Германия тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси ижрочи директори Gasamtmasche Силвия Юнгбауэр ўртасидаги музокаралар чоғида тўқимачилик корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича уюшмаларнинг ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
С.Юнгбауэр Ўзбекистон тўқимачилик саноатида катта ютуқларга эришганини қайд этган ҳолда, Германия Ўзбекистонни янги тўқимачилик маркази деб билишини таъкидлади.
Тўқимачилик маҳсулотларининг Европа Иттифоқи бозорига экспортини кенгайтириш ва томонларнинг ҳамкорлик таклифларини ҳар томонлама ўрганиш мақсадида Германиялик хамкорлар томонидан Ўзбекистон тўқимачилик саноатига бағишланган онлайн -форум ўтказиш таклифи берилди. Форум 2021 йил 30 сентябрга режалаштирилган бўлиб, унда икки мамлакат тўқимачилик саноати уюшмалари, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси, тўқимачилик брендлари ва чакана савдо компаниялари, маркетинг ва тўқимачилик бўйича мутахассислар, маҳаллий тўқимачилик ишлаб чиқарувчилар иштирок этиши қайд этилди.
Форум компанияларга икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйишга, Европа компаниялари билан ишлаш тажрибаси, тўқимачилик маҳсулотларига қўйиладиган талаблар билан танишиш ва Ўзбекистон корхоналарининг имкониятлари билан бўлишишга ёрдам беради.
Шу билан бирга, С.Юнгбауэр жорий йилнинг ноябрь ойи бошида Германия тўқимачилик компаниялари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи ҳақида маълумот берди. Ташриф доирасида кейинги ишбилармонлик ташрифларини режалаштириш ва икки томонлама музокаралар олиб бориш келишиб олинди.
Томонлар маркетинг, мода саноати ва бренд соҳасида кадрлар тайёрлаш, ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини Германияда кенг тарғиб қилиш масалаларини ҳам кўриб чиқдилар.