Мамлакатимиздаги корхоналарнинг хорижий брендлар ишлаб чиқариш занжирига қўшилиш бўйича етакчи компаниялар ва ритейлерлар билан музокаралар ўтказиш борасида олиб борилаётган ишлар натижасида мамлактимизнинг Мадриддаги элчихонаси томонидан Испаниянинг “El Сorte Ingles” компанияси ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ўртасида ВКА орқали музокаралар ташкил этилди.
Музокараларда испан томонидан “El Сorte Ingles” компанияси вакили Педро Казеро Санчес-Атиенса (Pedro Casero Sanchez-Atienza) ва “Gedepsa” консалтинг промоутер компанияси раҳбари Алехандро Пастрана Молеро (Alejandro Pastrana Molero), ўзбек томонидан “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси раиси Илҳом Хайдаров ва уюшма мутасаддилари иштирок этишди.
Маълумот учун: El Corte Inglés («Эль Ко́рте Ингле́с») – 1940 ташкил этилган Испания савдо уйлари тармоғи. Европада энг катта ва жаҳонда тўртинчи ўриндаги универсал савдо тармоғи. El Corte Inglés компаниясининг 92 савдо мажмуалари мавжуд бўлиб, 89 таси Испанияда ва 2 таси Португалияда ва 1 таси Италияда жойлашган. 81 минг ишчиси бор. 2020 йилда айланмаси 10,4 млрд евро, соф фойдаси 142 млн евро.
Электрон тижорат йўналишида “El Corte Inglés” Испаниядаги мижозлар сони бўйича биринчи ўринда бўлиб, тижорат веб-сайтида рўйхатдан ўтган мижозлар сони 6 млн га яқин ва ойлик ўртача 40 млн дан ортиқ фойдаланувчилар www.elcorteingles.es интернет саҳифага ташиф буюради.
Видеомулоқот мобайнида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси И.Хайдаров компания вакилини Ўзбекистоннинг текстиль соҳасидаги салоҳияти тўғрисидаги тақдимоти билан таништириб батафсил маълумот бериб ўтди. Жумладан, давлат Раҳбари томонидан олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар натижасида ҳозирги кунда Ўзбекистон текстиль соҳаси тубдан ўзгаргани, пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш, тайёр маҳсулот яратиш кластер тизими асосида амалга оширилаётганини маълум қилди.
Шунингдек, барча жараён кластер компаниялари томонидан олиб борилиши натижасида мазкур соҳа бозор иқтисодиёти тамойиллари асосида фаолият олиб бораётганлиги ва хозирги кунда мамлакатда етиштириладиган 1 млн тонна пахта тўлиқ Ўзбекистонда қайта ишланилиши таъкидланди. Ўзбек компаниялари ўз маҳсулотлари учун Европа Иттифоқи бозорида талаб этиладиган энг нуфузли ҳалқаро сертификатларга эга бўлаётганлиги ва бундай компаниялар сони кундан кунга ўсиб келаётганлиги айтиб ўтилди.
Ўз ўрнида, 2021 йилнинг 9 апрелида Ўзбекистон Европа Иттофиқига қатор маҳсулотларни имтиёзли шартларда етказиб бериши имконини берувчи GSP+ дастурига аъзо бўлгани Европа Иттифоқи мамлакатларига текстиль маҳсулотларини экспорт қилишда божхона тўловлари йўқлиги ва мамлакат ҳукумати томонидан юқори қўшимча қийматлик товарларни экспортида транспорт харажатларини 50% қоплаб берилиши Ўзбекистон билан тайёр текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш хозирги кунда жуда ҳам долзарблиги айтилди. Бундан ташқари, энг муҳими 2011 йилда халқаро Cotton Campaign коалицияси томонидан пахта етиштиришда мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланиб келинганлиги сабабли Ўзбекистон пахтасига қўйилган бойкот жорий йилнинг 10 март куни олиб ташлаганини алоҳида қайд этилди.
Буларнинг барчаси бугунги кунда “El Сorte Ingles” компанияси томонидан унга тешли бўлган брендлар учун мамлакатимизнинг текстиль соҳасидаги кенг имкониятлари ва фабрикаларимизнинг халқаро андозаларга тўлиқ жавоб бера оладиган тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишни йўлга қўйиш бўйича жуда ҳам яхши имконият бераётганлиги таъкидланди.
Музокаралар жараёнида “El Сorte Ingles” компанияси вакили П.Казеро мамлакатимиздаги барча ижобий ўзгаришларни, жадал олиб борилаётган ислоҳотларни, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўйи ва нуфузи ўсиб бораётганини алоҳида эътироф этди. Ўз навбатида, компания ҳозирги кунда ўзбек текстиль фабрикаларнинг тақдимот материаллари билан танишаётгани ва бир қатор йўналишларда, ш.ж. трикотаж, уй текстили ва ички кийимлар бўйича буюртмаларни Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларда жойлаштириш масаласи компания мутахасислари томонидан ўрганилаётганлигини айтиб ўтди.
Шу билан бирга, “Gedepsa” компанияси раҳбари А.Пастрана ж.й. 27-29 апрел кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “UzTextileExpo Spring 2022” ҳалқаро кўргазмада иштирок этганлиги ва мазкур тадбир мобайнида Ўзбекистоннинг етакчи текстиль компаниялари билан учрашгани ва уларнинг маҳсулотлари билан танишганини айтиб ўтди. А.Пастранага кўра, ўзбек ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари юқори сифати ва энг муҳими, ўзининг кафотлатланган хом-ашё базаси борлиги уларга жуда ҳам катта рақобатбардошлик ва узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатиш учун жозиба беради.
Музокаралар натижасида томонлар экспертлар даражасида маълумотлар алмашувини йўлга қўйишга ва яқин кунларда хориж компания вакилларидан иборат делегацияни Ўзбекистонга ташрифини амалга оширишга келишишди.