Ҳозирги кунда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси бошчилигидаги делегация Грузия давлатига амалий ташрифини бўлиб ўтмоқда. “Грузия кийим-кечак ва мода” уюшмаси (GAFA) ва 10 дан ортиқ йирик грузиялик экспортёр ва импортёр компаниялар (“Makratelli”, “Soteri” “Elselema LTD” “TBILO” ва бошқалар) билан давра сухбати ўтказилди.
Музокаралар натижасида, икки томонлама савдо ва инвестиция алоқаларини кенгайтириш, Грузия компанияларининг Ўзбекистондаги тўқимачилик соҳасидаги тадбирларда фаол иштирокини таъминлаш ва бошқа кенг қамровли ҳамкорлик масалалари бўйича Ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Шунингдек, “Поти эркин иқтисодий зонаси” бош директори Давид Ебралидзе билан Поти эркин иқтисодий зонасида Логистика марказини ташкил этиш орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни АҚШ, Канада ва Японияга солиқ ва Грузиянинг ушбу давлатлар билан GSP+ дастуридан фойдаланган холда божхона божисиз ре экспорт килиш ҳамда зона худудидаги корхоналар билан кооперация алоқаларини йўлга қўйиш бўйича Ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Кун давомида Грузия Савдо саноат Палатаси раҳбарияти ва унинг таркибидаги “Delta Textile”, “Rumor”, “Femi Georgia”, “Wooxy”, “Ninea” каби етакчи ишлаб чиқарувчи ва бренд компаниялар рахбарлари билан В2B учрашувлар ўтказилиб, савдо алоқаларини кенгайтириш, Ўзбекистон корхоналарига тайёр кийим тикиш учун буюртма жойлаштириш ҳамда Грузиялик компанияларнинг Ўзбекистонга бизнес миссиясини ташкил этиш бўйича аниқ келишувларга эришилди.