Германия халқаро ҳамкорлик жамияти – GIZ Ўзбекистонда ҳар соҳада фаол ишлар олиб бормоқда. Тўқимачилик соҳаси билан чамбарчас боғлиқ таълим йўналишидаги “Ўзбекистон касб-ҳунар таълими тизимидаги ислоҳотлар ва модернизация жараёнларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси шулар қаторидан.
Унинг доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ходимлари, Тошкент ва Наманган тўқимачилик ва енгил саноат институтлари ўқитувчилари ҳамда экспертларидан иборат делегация учун 14-21 апрель кунлари Германияга ўқув сафари ташкил этилди.
Асосий мақсад – Ўзбекистонда дуал олий таълимни жорий этишда Германиянинг илғор тажрибасини янада яқиндан ўрганиш, мамлакатдаги дуал таълим тизими билан танишиш ҳамда соҳадаги мутахассислар билан тажриба алмашиш ва лойиҳа бўйича иштирокчилар кўникмаларни янада мустаҳкамлашдан иборатдир.
Иштирокчилар сафар чоғида Германиянинг турли ҳудудларида жойлашган Қуйи Рейн амалий фанлар университети, Дюсселдорфдаги Савдо-саноат палатаси, Мода ва дизайн академияси, HTW 9 Муҳандислик ва иқтисодиёт олий мактабига ташриф буюриб, ҳудуддаги ип йигирув цехлари ва тўқимачилик фабриклари фаолияти ўрганишади.
Дастур якунидан сўнг, иштирокчилар Германияда олинган тажриба асосида дуал олий таълимни Ўзбекистон шароитида жорий этиш бўйича фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларидан иборат якуний ҳужжат тузилади ва ҳамкор ташкилотларга тақдим этилади.
uzts.uz веб-сайтидаги маълумотларни кўпайтириш, нусхалаш, тиражлаш, тарқатиш ва бошқа тарзда фойдаланиш фақат уюшма веб-сайтига ҳавола орқали амалга оширилиши мумкин